Мудофаа вазирига парламент сўрови юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Б.Қурбоновга "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига олинган ҳарбий хизматга мажбурларнинг жанговар тайёргарлигини сақлаб туриш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида"ги масала кўриб чиқиш учун муҳокамага киритилди.

Бугун дунёнинг турли нуқталарида тинчлик ва осойишталикка таҳдид ва хатарлар, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар юз бермоқда. Бундай ҳолатлар бутун инсоният қатори халқимизни ҳам безовта қилиши табиий. Ушбу хавфларга муносиб қарши тура олиш учун инсонда чинакам ватанпарварлик, юксак билим ва тафаккур, метин ирода бўлиши зарур. Мамлакатимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида ҳарбий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлар доирасида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимиз қудратини ошириш 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.  

Қуролли Кучлар резервига олинган ҳарбий хизматга мажбурларнинг жанговар тайёргарлигини сақлаб туриш мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида стратегик аҳамиятга эга бўлган соҳа ҳисобланади.  

Қуролли Кучлар резервидаги хизматни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги ва "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида"ги қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорларида резервчиларнинг жанговар тайёргарлиги ва ҳарбий ҳисобдаги ихтисослик бўйича мажбуриятларини бажариши учун зарур бўлган шахсий билим кўникмаларини сақлаб қолиши ва маҳоратни такомиллаштириши ҳамда ҳаракатлар тактикасини пухталаб олиши мақсадида ўтказиладиган ўқув-машқ, синов йиғинлари ва махсус йиғинлар ташкил этиш каби долзарб вазифалар белгиланган. 

Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Қуролли Кучлар тузилмаларида, ҳарбий қисм ва муассасаларда бир қанча назорат-таҳлил тадбирлари, ўрганишлар олиб борилди. Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Б.Қурбоновга соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар юзасидан асослантирилган тушунтириш берилиши сўралган парламент сўрови юборилди.  

uza.uz сайти материалларига асосан тайёрланди