Сенатнинг ўттиз учинчи ялпи мажлисида сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонунни муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича тизимли ишлар амалга ошириляпти.
Шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланяпти.
Жорий йилда «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.
Бунинг натижасида жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш масалаларини тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун билан тартибга солиняпти.
Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми экани қайд этилди.
Қонун билан «Гаров тўғрисида»ги Қонунга ва Фуқаролик кодексига мулкий ҳуқуқларни мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартишлар киритиляпти.
Хусусан, «Гаров тўғрисида»ги Қонунда агар гаровга қўювчининг гаров нарсаси ҳисобланувчи мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи мол-мулкнинг жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида қонунда белгиланган асосларда ва тартибда бекор бўлса, гаровга қўювчига бошқа мол-мулк берилиши ёки тегишли товон тўланиши белгиланяпти.
Шунингдек, мулк ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатлар махсус қонун, яъни «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинаётганлиги инобатга олиниб, Фуқаролик кодексининг тегишли моддаларидаги «қонун ҳужжатлари» деган сўзлар «қонун» деган сўз билан алмаштириляпти.
Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши амалдаги қонунларда назарда тутилган қоидаларнинг турлича талқин қилинишининг олдини олишга ҳамда мулкка бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш ва мулкка доир муносабатларни фақат қонун доирасида тартибга солишга эришилади.
Шу билан бирга, мулкдорларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилиниши ва хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш учун қўшимча ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади.
Муҳокамалардан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.
манбаа https:\\yuz.uz