Шавкат Мирзиёев 11 сентябрдаги фармони билан «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини тасдиқлади. Ҳужжатда айтилишича, у «Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш жараёнида тўпланган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида» ишлаб чиқилган. Аввалроқ матбуотда ҳужжат лойиҳаси ҳақида ёзилган эди.
Фармонда «янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитда (Конституциянинг янги таҳрири 30 апрелдаги референдумда маъқулланган, президент сайлови эса 9 июлда бўлиб ўтган — таҳр.) асосий йўналишларни такомиллаштириш ва мамлакат тараққиёти ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги» қайд этилган.
Фармонда қайд этилган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида қуйидаги асосий ғоялар ўз ифодасини топган:
- барқарор иқтисодий ўсиш орқали ўртадан юқори даромадли мамлакатлар қаторига қўшилиш;
- халқ эҳтиёжлари ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш;
- аҳоли учун қулай экологик шароитлар яратиш;
- халққа хизмат қилувчи адолатли ва замонавий давлат қуриш;
- мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.
Стратегия бешта устувор йўналишни қамраб олади:
- ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш;
- барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;
- сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
- қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;
- «хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.
Стратегияни амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш мамлакатдаги барча давлат органлари ва ташкилотлари учун устувор вазифа деб эълон қилинди.
gazeta.uz сайти материаллари асосида тайёрланди.