Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир.
Ўзбекистон Республикасининг референдуми республика қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир. Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодаси бўлиб, унда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади.
Аслида референдум тушунчаси қандай маънони англатади? Бу борада мутахассис фикрига таянсак…
— «Референдум» сўзининг маъноси давлат аҳамиятига эга бўлган муҳим масалалар бўйича ўтказиладиган ва баъзан қонунлар қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган умумхалқ сўрови, овоз бериш йўли билан халқ фикрини аниқлашдир, – дейди Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг раиси Акмал Розиқов. – Юртимизда «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонун дастлаб 1991 йил 18 ноябрь куни қабул қилинган бўлиб, мазкур қонун йиллар давомида халқаро ва Ўзбекистон Республикасида орттирилган амалий тажрибаларни инобатга олган ҳолда 2001 йил 30 август куни янги таҳрирда қабул қилинган.
Агар референдумда қабул қилинган қарорларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарорлар фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Референдум Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ўтказилади.
— Референдумда кимлар иштирок этади?
— Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси референдумда иштирок этишга тўла ҳақлидир.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз, деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас.
Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятига қараб, фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.
— Референдумда овоз бериш тартиби қандай?
— Референдумда овоз бериш бюллетени фуқаро томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Овоз бериш бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра, референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақлидир.
Фуқаролар овоз бериш бюллетенида референдумга қўйилаётган масала бўйича ўзи овоз бераётган вариант рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга кўрсатилган белгилардан бирини қўяди.
Тўлдирилган бюллетенни фуқаро овоз бериш қутисига ташлайди. Овоз бериш қутилари референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларига ҳамда кузатувчиларга кўриниб туриши керак.
Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетени фуқаронинг илтимосига кўра, янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.
Айрим фуқаролар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабаблар билан овоз бериш биносига кела олмаса, уларнинг илтимосига кўра, референдум ўтказувчи участка комиссияси овоз беришни ана шу фуқаро турган жой бўйича, кўчма овоз бериш қутиларидан фойдаланиб ташкил этади.
— Фуқаролар муддатидан олдин ҳам овоз бериши мумкинми?
— Референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.
Муддатидан олдин овоз бериш референдумга ўн кун қолганида бошланади ва референдумга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва фуқароларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.
Овоз берувчи муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун референдум кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка комиссиясидан референдумда овоз бериш бюллетенини олади ва тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида овоз берувчи фуқаролар рўйхатига имзо қўяди. Референдумда овоз бериш бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида овоз берувчи томонидан тўлдирилади.
Овоз берувчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган референдумда овоз бериш бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА
yuz.uz сайти материаллари асосида тайёрланди