Сенат қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди

20 апрелда Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида кўриб чиқиладиган масалалар дастлабки тарзда муҳокама этилди. Жумладан, сенаторлар 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил I чорагидаги ижроси якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини атрофлича кўриб чиқдилар.

Давлат дастурини ижро этиш мақсадида ташқи сиёсат соҳасида 130 дан ортиқ ташрифлар, учрашувлар, онлайн музокаралар, давра суҳбатлари юқори даражада ташкил этилди.

Ўзбекистон МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти каби минтақавий ташкилотлардаги фаолиятини кучайтирди. Мазкур ташкилотлар билан ҳамкорликда сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда 40 дан ортиқ ташрифлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ва юқори даражадаги тақдимотлар ўтказилди.

Инвестициялар соҳасида январь-март ойларида 2,448 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида 307 та корхонага экспортга йўналтирилган савдо операциялари ва экспортдан олдин молиялаштириш кредитлари учун 172 миллион доллар ажратилди.

Шу билан бирга, сенаторлар «иқтисодий дипломатия» чора-тадбирлари ҳамда ҳамкор давлатлар билан минтақалараро ҳамкорлик келишувлари ва лойиҳалари самарадорлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Бундан ташқари, сенаторлар Олий Мажлис Сенатининг бўлажак ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган қонунларни ҳам кўриб чиқдилар. Хусусан, Қўмита фаолиятидан келиб чиқиб, «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

Манба:  Янги Ўзбекистон веб канли yuz.uz